Sunday, July 1, 2012

Ўзим ва таржималар ҳақида

Бугун қисқача ўзим ҳақимда гапириб ўтсам. Академик лицейда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман. Дарсдан ташқари вақтда она тили ва адабиёт фанидан репититорлик ва компьютер ишлари билан шуғулланаман. Ундан ҳам вақт ортса, кечқурун турли очиқ кодли дастурларни ўзбек тилига ўгираман, блогимга мақолалар, маълумотлар ва таржималар ёзаман. Қисқаси, эрталаб 6-10 ларда ишга кетиб, кечқурун 8-9 ларда уйга қайтиб келаман. Аллоҳга шукур, оилам бор - қизчам бор, лекин ҳозирча шахсий уйим йўқ ("зато" 2 та компьютерим бор :) ). Уйга чарчаб келганимда, қизчам кулиб кутиб олади. Озроқ у билан овунаман-у, биргаликда мультфильм кўрамиз. "Big buck bunny" ва "For the birds" мультфилмаларини бирга томоша қиламиз (Ушбу икки мультфильмни 500-600 марталаб қайта-қайта кўрган бўлсам кеак, бошқаларини кўришни хоҳламайди-да).


Ёш болаларга компьютерни олдида узоқ вақт ўтириш зарарли бўлганлиги учун, онасига топшираман-у, яна компьютерга тармашаман (Хотинимнинг энг катта душмани менинг ноутбуким. Бир неча марталаб компьютерим бузилиб қолишини дуо қилаётганини эшитганман :) ). Ҳар куни аҳвол шундай такрорланаверади... такрорланаверади... Нима бўлганда ҳам бахтли яшаяпмиз...
Шанба ва якшанба кунлари таржима ишлари билан шуғулланишга вақт бўлади. Айтганча, баъзи бировлар сўрайди: "Нега таржима ишлари билан шуғулланасан? Бирор фойдаси борми?"
Бугун шу саволга жавоб берсам. Дастурларни таржима қилиш билан 2007 йилдан буён шуғулланиб келаман, лекин бирор марта ушбу ишлардан моддий фойда олган эмасман. Шунчаки қизиқишдан бошланган бу иш. Ҳозирги кунда эса ушбу ишларни ҳам қизиқиш, ҳам савоб, ҳам мажбурият сифатида бажараман. Қисқаси, қуйидаги сабаблар:
1. Кимдир ушбу дастурларни таржима қилиши керак-ку. Кўпчилик чет тилларини билмайди. Қачонгача бировларнинг тилидан фойдаланиб юришимиз керак. Ҳаётда нимадир фойдали иш қилиб қолдиришим керак-ку. Халққа қандайдир фойдам тегиши керак-ку.
2. Бошқаларга ўхшаб, ресторанма ресторан, турли дам олиш жойларига боришга ва сегарет, нос чекиш, маст қилувчи ичимликлар ичишга қизиқишим йўқ. Бўш вақтимни ушбу ишга сарфлаб, завқ оламан. Кимгадир фойдам тегиши мумкинлигини билсам, қувват оламан.
3. Таржима жараёнида "инглиз тилим"ни мукаммаллаштириб бораман.Сўзларнинг турли маъноларини ўрганаман. Ўзбек ва инглиз тилидаги сўзларнинг базасини тузиб бораман.
Қисқаси шундай....

No comments: